Читать Алламжонов айбдор
Сўзбоши
Бу китоб нега керак?
Китоб ёзишдан мақсад учта бўлиши мумкин. Бундан иккиси менга тааллуқли эмас.
Биринчиси – пул ишлаш. Менда бундай зарурат йўқ.
Иккинчиси – қанчалик зўр эканимни бутун дунёга намойиш этиш. Лекин ўзимизда ҳам, чет элда ҳам кўпчилик мени танийди, боримча билади. Шундай экан, ҳеч кимни алдай олмайман.
Ва ниҳоят, учинчи сабаб – ўзим истаган инсонларга – ўн бешдан ўттиз ёшгача бўлган, атроф-оламга қараб туриб: «Бу ёғига нима қилсам экан? Кун сайин ўзгариб бораётган жамиятда қандай яшаб кетаман? Орқамда туриб берадиган, қўллайдиган одамим бўлмаса ҳам юзага чиқа олармикинман, кимга керакман ўзи? Орзуларим ушалармикин?» деб ўйланаётган ёшларга муҳим фикрларни етказиш.
Сизга ўзим ҳақимда, қандай қилиб оёққа турганим, ҳозирги даражага етишимга нималар туртки бўлгани ҳақида гапириб бермоқчиман. Ҳеч нарсани назардан қочирмасликка ҳаракат қиламан.
Бу китобни ёзишга киришгунча ўзимни жуда омадли деб ҳисоблардим. Бутун умр омад кулиб боққандек туюларди. Мана ҳозир ҳам, шинамгина уйимда, оилам даврасида ўтириб ёзяпман. Муваффақиятли бизнесим, қизиқарли лойиҳаларим бор. Пешонанинг ярқирагани шу эмасми?!
Лекин бошимдан ўтган воқеаларни бирма-бир эслаб, омадим чопган пайтдан кўра, ишим юришмаган вақтлар кўпроқ бўлганини тушундим. Битта муваффақиятга эришиш учун шунчалик кўп муаммога дуч келган эканманки, буни юз фоиз омад деб ҳам бўлмайди.
Биласизми, онам – доя-ҳамшира. Дояларга алоҳида имтиёзлар берилмаган. Биттагина кафолатланган қулайлик – фарзандларини ўзи ишлайдиган туғруқхонада, ишончли шифокорлар қўлида, ҳамкасб дўстлари орасида дунёга келтириш. Хуллас, мен туғиладиган пайтим шуям ўхшамаган, онамнинг ишхонаси санитария-дезинфекция ишларига – «мойка»га ёпилиб қолган.
I
Вазир келди
Гўдаклигимда катталарнинг оёғи остида ўралашиб, инжиқлик ёки шўхлик қилсам, бувим доим: «Уни тинч қўйинглар, уришманглар. Бу болам министр бўлади», – дердилар.
У вазир бўлади.
Нега ундай деганларини билмайман. Бувимнинг фикрича, оиламизда мендан бошқа ҳеч ким министр бўлолмасди. Автослесарь билан ҳамширанинг ўғли бир кун обрў-эътиборли, катта одам бўлишини хаёлга ҳам келтириш қийин эди.
Ойимни саволга тутаман. Улар ҳам бувим нега бундай деганларини билмайдилар.
Мана энди, орадан ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ЎзМАА1 биносининг холида турибман. Министр бў-либ. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг директори мақомига кўра вазир ҳисобланади. Каттагина бинонинг биринчи қавати. Девор, шифтлари тўкилай дейди, поллари чириб ётибди, ҳамма ёқ вайрона, чиқинди. Ҳатто вазирнинг, яъни менинг хонамдан канализациянинг бадбўй ҳиди анқийди. Сталин давридан қолган бу эски иморат охирги марта қачон таъмирланганини биров эслолмайди.
Бинодаги беш юздан ортиқ хонанинг деярли ҳаммасини ижарачилар эгаллаб олган. Хотин-қизлар қўмитаси, қайсидир партиялар, қандайдир нашриётлар, тадбиркорлар ва яна кимлардир. Ички ҳовлида машиналар тиқилиб кетган. Ҳеч ким менга аҳамият бермайди ҳам, одамларнинг униси у ёққа, буниси бу ёққа ўтиб юрибди. Иккинчи қаватнинг чап қанотидаги кафтдек жой – мана шу ЎзМАА.
Мени жамоага таништириш учун Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров келди. Таништирдию жўнаб кетди. Мажлислар залига типографияларнинг ёши ўтиб қолган директорлари, бошқарма бошлиқлари йиғилган. Ҳар бири бу тизимда салкам ярим аср – Совет Иттифоқи давридан бери ишлаб келади. Ўша лаҳзада менга бўлган муносабатни аниқ ҳис қилдим: гўё хонага ёш бола адашиб кириб қолгану бувиси меҳр билан: «Боламни уришманглар, у вазир бўлади»,– деяётгандек. Хонадагилар менга парво қилмай, ўзаро гаплашиб ўтиришибди. Эшикдан кириб келган ёшгина кўзойнакли йигитчага эътибор қаратгандан кўра, ёнидаги обрўли ҳамкасбининг суҳбати муҳимроқ улар учун.