⇚ На страницу книги

Читать Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм - стр. 4

Шрифт
Интервал

Тупроқ остида қолиб кетган маданий ёдгорликлар, одам ва ҳайвонлар жасадининг қолдиқлари ғор ва ертўла деворларига чизилган сурат ва бўртма тасвирлар ибтидоий жамоа даври тарихини ўрганишнинг муҳим манбаи ҳисобланади, архитектура қадим-қадимдан кишиларнинг меҳнати жараёнида юзага келди ва ривожланди.

Одамлар меҳнат жараёнида шакл туйғусини ҳис этиб, ритм, симметрия тушунчаларини ўзлаштира бошладилар. Улар меҳнат жараёнида табиат кучларини ўзларига бўйсундира бошладилар, ишлатилаётган буюмларнинг шакли бажарилаётган меҳнатларини осонлаштирилиши ёки камайтириш мумкинлигини тушундилар, қулай меҳнат қуролларини яратиш уларда ўз қуролларига нисбатан меҳр туйғуларини уйғота борди, улар ўз қуролларига безак бериш орқали ўз меҳрларини изҳор этишга ҳаракат қила бошладилар.

Одамларда қулайлилик фойдалилик тушунчаларининг юзага келиши воқеаликдаги, ҳаётдаги гўзаллик ва ҳурликларни ҳис этиш имконияти ривожлана бошлади.

Жаҳон маданияти тараққиёт оламига қадам қўйди, санъат, меъморчилигининг юзига келиши инсоннинг объектив вакиллиги тўғрисидаги билимларнинг чуқурлашишига, ўз авлоди тажрибаларидан баҳраманд бўлишига олиб келди, бу уни табиат кучларига қарши курашишга даъват этди, унинг ақлий камолоти эстетик, қарашлари ривожини жадаллаштирди. Бу даврда одамлар катта-катта тошларнинг панасида ғор ва ертўлаларда тўда-тўда бўлиб яшаганлар.

Бу ғор ва ертўлалар ибтидоий жамоа кишисининг «уйи» ҳисобланган, шу уйларнинг девор ва шипларига суратлар чизганлар, бўртма тасвирлар ишлашга ҳаракат қилганлар, ана шу одамлар яшаган манзиллардан топилган меҳнат, ов қуроллари, турли ҳайкал ва рамзий мазмунга эса бўлган шакллар ибтидоий жамоа кишиларининг эстетик ва фалсафий қарашларини тушунишга ёрдам беради.

Дастлабки расмлар предмети ва асосан, ҳайвонлар кўринишини тасвирлайди. Бу даврда ҳайвонлар тасвири аниқ реал, пропорциялари тўғри олинган, рассом ранглар ёрдамида нур-соя имкониятларидан ҳам фойдалана бошлагани сезилиб туради. Ўқ, камон, кабиларнинг ихтиро қилиниши ибтидоий жамоа кишисининг ҳаёти янада яхшиланишини таъминлади.

Одамлар ёғоч ўйишга асосланиб, ўзларига керакли буюмлар ярата бошладилар, диний тушунчалар кенг ёйилди, «нариги дунё» тушунчаси пайдо бўлди, кўмиш маросими билан боғлиқ бўлган турли урф-одатлар юзага кела бошлади, булар кишиларда мураккаб тасаввур ва фикрларининг пайдо бўлганлигидан далолат беради. Одамлар тасаввурининг кенгайиши абстракт тушунчаларининг юзага келиши санъатнинг шакл ва мазмун характерида ҳам сезила бошлади, жанг воқеалари, овчиликни акс эттирувчи мураккаб композициялар яратилди, ишлаб чиқариш жараёни кучая борди, шу билан бирга, кишиларнинг маънавий олами, дунё қараши ҳам мураккаблаша борди. Тошни қайта ишлаш, уни пардозлаш, шу асосда жуда нозик буюмлар яратишга кўпроқ эътибор берила бошланди.

Ижтимоий ҳаётда ишлаб чиқариш кучларининг ошиши, сўзсиз одамлар орасидаги муносабатларнинг тараққий этишига ёрдам берди, қабилалар орасидаги муносабатни кучайтирди, динда жамоани оқсоқоллар бошқара бошлади, одамларнинг ўтроқ ҳолга ўтишлари, табиат қонун-қоидаларини кузатиш симметрия, ритм, шакл туйғуларини ўзгартирди. Бир ҳил элементларнинг текис қайтарилиши ёки оралаб келиши асосида вужудга келадиган ўзига хос нақш санъатини майдонга келтирди.