Азиз Китобхон,
Сиз билан қайта дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Ўтган суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат хотиржамлик ҳукм сурган деб умид қиламан. Яна мен билан суҳбатга чоғланибсизми – демак, аввалгисидан кўнглингиз тўлган. Бу ҳар қандай муаллиф учун энг олий мукофот.
Аввалги китобнинг биринчи кунги баёни шахсиятга бағишланган эди. Уни қаранг – ўта фаҳмлилигимдан, сизга шахсият таърифини бермай кетган эканман ўшанда. Ҳечқиси йўқ, бу сафар шахсият деган ғалати, кўпчиликка нотаниш сўз билан нимани ифодаламоқчи бўлганимни айтиб ўтаман.
Шахсият – алоҳида одам табиати ва ҳаёти ҳақида шу одамнинг ўзи ва бошқа одамлар аниқ факт деб қабул қилган ҳақиқатлар ва ёлғонлар тўплами. Озгина мужмал чиқдиёв. Бошқача қилиб айтганда, шахсият – бу бир одам ҳақида унинг ўзи ва бошқаларга тегишли тасаввур.
Бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги тасаввурлари ҳам шахсиятингиз таркибий қисми эканлиги балки сизга унчалик ёқмас, балки бунга ишонмассиз – лекин ҳар ҳолда шундай. Баён давомида бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
Лекин бизнинг биринчи навбатдаги «тажриба қуёнимиз» – бу ўзимизнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввуримиз. Аввал ҳам сизга шахсиятнинг шунга ўхшаш таърифини берганман – сиз борингизча ҳаётда ҳақиқат деб билган нарсаларингиз жамламасисиз. Бу ҳақиқатлар шахсиятимизнинг асосий қисмини ташкил этади – шунга монанд уларга баён давомида каттароқ эътибор ажратаман.
Тўғри, бу сафар ҳам сиз китобга камдан-кам одамга очиқчасига айтган сирларингизни ошкор қилишингизга тўғри келади. Лекин, аввал айтилганидек, у сирлар сиз ва китоб ўртасида қолади. Биз улардан ўзлигимизнинг аввал назар солинмаган хоналарига олиб кирувчи эшиклар дастаги сифатида фойдаланамиз. Албатта, сиз исталган пайтда экскурсияни тўхтатиб, дам олишингиз, ёки агар баён сизни мувозанатдан чиқараётганини сезиб қолсангиз – ундан батамом воз кечишингиз мумкин. Бу гал мен сизга боблар сўнгида танаффуслар эълон қилиб турмайман – агар биринчи китоб мазмуни билан яхши таниш бўлсангиз, демак сизда энди кучли шахсиятнинг алоҳида жихатлари намоён бўла бошлаган. Бундай одамга эса қачон танаффус қилиб, қачон қайта изланишга киришишни биров айтиши шарт эмас.
Бу галги баён ҳам бир ҳафтага мўлжалланган. Сизга мутола фақат мароқ келтириши учун, китобни ҳафта кунларига қараб боблаганман. Аввал айтганимдек, шу муддат сизга китоб мазмуни билан танишиш ва унда айтилган фиркларни ҳаётга солиштириб кўриш учун етарли бўлади.
Ҳа, айтганча – сизга иш бошиданоқ бир сирни очиб қўймоқчиман (сир айтишни ҳар сафар мен бошлаганим маъқул): сиз китобга айтадиган сирларингизнинг кўпчилиги аслида сир эмас, кўпчиликка маълум нарсалар. Яна ҳам қизиғи, сиз ҳақиқат деб билган кўп нарсалар аслида унчалик ҳам ҳақиқий эмас. Майли, олдинлаб кетмай – ҳамма нарса бир бошидан айтилгани яхши.
Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?
«Атиргул айтади очиламан деб,
Чиройлилар чаккасига санчиламан деб,
Чиройлилар чаккасига санчилиб бўлиб,
Бевафолар оёғида янчиламан деб,
«йнанг, қизлар, ўйнанг – кўргони келдик,
Сизлар билан даврон сургони келдик…»
(Тўй лапаридан)
Биз нимага келганмиз? Айнан сиз нимага келгансиз? Давру даврон сургани келганмисиз бу дунёга? Ёки бошқалар ўйнабкулишини кўрганими? Ҳа бу, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, маза қилиб яшагани келган бўлсангиз – нима қилиб ўзингизни, ўзлигингизни кавлаштириб юрибсиз? Бу сизга нимага керак?