ТАҚРИЗ
Мавлоно Завқий асари нихоятда қимматли тарихий воқеаларни ўзига акс эттириш билан биргаликда ҳалқимизнинг оташин шоири Убайдулла Завқийнинг ҳаёт йўли ва серқирра ижоди ҳақида хикоя қилади. Асарда Қўқон адабий мухити ва жуда кўплаб ўша давр шоирлари Нисбат, Мухайир, Мухйи, Муқимий, Фурқат, Хамза Хакимзодаларнинг ҳам ижоди ҳақида ноёб маълумотлар келтирилган. Ўша даврнинг ижтимоий – иқтисодий ҳаёти, ҳалқнинг аянчли қисмати жуда ишонарли қилиб ёритилган. Асарнинг ёш авлод учун тарбиявий аҳамияти катта. Ушбу асарни нашр қилдириш мақсадга мувофиқдир.
М. Ю. Салямов
Тарих фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган таълим ходими.
Адиб Х. Абдуллаев серқирра ижодкор, мантиққа тўла асарлар муаллифи. Асардаги теран фикрлар, илмий ва фалсафий ғоялар адибнинг фикрлаш доираси нақадар кенглигидан далолат. Мавлоно Завқий асари хужжатли манбаларга асосланиб яратилган ва бадиийлаштирилган. Унда ўша даврнинг тарихий жараёнлари, ҳалқнинг аянчли кунлари жуда асосли қилиб яратилган. Асар кенг омма, хамда адабиёт ва тарихчи мутахасислар учун жуда қимматлидир. Бизлардан узоқлашаётган Завқий ҳақида ёзилган бу асар ўз вақтида яратилганлиги жуда қувонарлидир.
М. Қаҳҳоров
Фалсафа фанлари доктори, профессор.
Убайдулла ЗАВҚИЙ
Ривоятларда айтишларича, Мажнун Лайлининг ҳуснига тикилганича бир қанча фурсат маҳлиё бўлиб туриб қолган. Унинг бошига бир лайлак уя қуриб битиргунича ҳам ўзига келолмай тураверган. Бу муболаға бўлса ҳам севгига мубтало бўлган кимсанинг аҳволини тўғри таърифлай олган. Биз одамларда беҳисоб хусусиятлар қатори севги ва муҳаббат куртаги ҳам мавжуддир. Севги кишини эзгу ишларга мубтало қилиши билан биргаликда узлуксиз завқ шуъласи билан ёритиб туради.
Мени мафтун этмиш тавқи бор киши,
Гарданида ишқнинг шавқи бор киши.
Сен қайдан биласан ишқ лаззатини,
Бул бодани ичгай завқи бор киши.
Ҳофиз Шерозий бу мисраларни шоирлар ва ошиқлар учун ёзган бўлса ажаб эрмас. Убайдуллада шеъриятга бўлган завқ ва шавқ жуда эрта бошланган эди. Шу сабабдан шоирнинг яқин дўстлари унга Завқий деган тахаллус бердилар. Чиндан ҳам Убайдулла ўз тахаллусига монанд завқли киши эди. У умр бўйи ана шу қобилият ва маҳорат таъсирида тинмай қалам тебратди, лирик ғазаллар, ҳажвий шеърлар ва муҳаммаслар яратди. Ўз касбини жонидан севган ва ҳурмат қилган шоирнинг ушбу мисралари ана шундан гувоҳлик бериб турибди.
Аҳли дил бўлма, замоннинг бойи бўл, баззози бўл!
Ақчадан лангар чўп ушлаб растанинг дорбози бўл!
Шеър эшитмайди биров, даврон қулоғи анча кар,
Бир ҳовуч олтин, кумушнинг хуш жаранг овози бўл!
Тегмагай ҳаргиз нишонга отган ўқ юз ҳажв ила,
Хоҳ замоннинг шоири бўл, хоҳи тийрандози бўл!
Истамас бўлса замоно Завқий ёзган шеърини,
Ким эшитсин арзининг хоҳ рози, хоҳ норози бўл!
Ҳар бир шоир вақти келиб ўз миллатининг ғурурига айланиб қолади. Хўқанди латиф шаҳрини ижодкорлар ва шоирларнинг зиёратгоҳи деб бежиз айтишмаган. Бу сеҳрли маконда бир аср давомида уч юзга яқин шоирлар етишиб чиққан, бу анъана ҳануз давом этмоқда. Шаҳримизнинг ана шундай мўътабар шоирларидан бири шубҳасиз Убайдулла Завқийдир.
МУАЛЛИФ.
ЗАВҚИЙ
Юртнинг, миллатнинг қувончи ва қайғуси билан шахсий қувонч-қайғумиз ўртасида қандай улкан фарқ борлигини ҳали унчалик англаганимиз ҳам, ўрганганимиз ҳам йўқ.